Sura 35 Fotir, oyat 1 – 8

  1. الْحَمْدُ لِلَّهِ فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ جَاعِلِ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا أُولِي أَجْنِحَةٍ مَثْنَىٰ وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ ۚ يَزِيدُ فِي الْخَلْقِ مَا يَشَاءُ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

    Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бу оятда улар икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида гап кетмоқда.)

    35:1
  2. مَا يَفْتَحِ اللَّهُ لِلنَّاسِ مِنْ رَحْمَةٍ فَلَا مُمْسِكَ لَهَا ۖ وَمَا يُمْسِكْ فَلَا مُرْسِلَ لَهُ مِنْ بَعْدِهِ ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

    Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолгувчи бўлмас. У зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборгувчи бўлмас. У зот азизу ҳакиймдир. (Аллоҳ берган неъматини биров ман қила олмайди. Шунинг учун хотирни жам қилиш керак. Аллоҳга иймон келтириб, кўрсатган йўлдан юриш лозим.)

    35:2
  3. يَا أَيُّهَا النَّاسُ اذْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ ۚ هَلْ مِنْ خَالِقٍ غَيْرُ اللَّهِ يَرْزُقُكُمْ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ ۚ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ فَأَنَّىٰ تُؤْفَكُونَ

    Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг! Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми? Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён кетмоқдасиз?!

    35:3
  4. وَإِنْ يُكَذِّبُوكَ فَقَدْ كُذِّبَتْ رُسُلٌ مِنْ قَبْلِكَ ۚ وَإِلَى اللَّهِ تُرْجَعُ الْأُمُورُ

    Агар сени ёлғончига чиқарсалар, бас, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.

    35:4
  5. يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ ۖ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا ۖ وَلَا يَغُرَّنَّكُمْ بِاللَّهِ الْغَرُورُ

    Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин. (Шайтон одамларни ўта ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини эсдан чиқармаслик зарур.)

    35:5
  6. إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا ۚ إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ

    Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.)

    35:6
  7. الَّذِينَ كَفَرُوا لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ ۖ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ كَبِيرٌ

    Куфр келтирганларга шиддатли азоб бордир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улкан ажр бордир.

    35:7
  8. أَفَمَنْ زُيِّنَ لَهُ سُوءُ عَمَلِهِ فَرَآهُ حَسَنًا ۖ فَإِنَّ اللَّهَ يُضِلُّ مَنْ يَشَاءُ وَيَهْدِي مَنْ يَشَاءُ ۖ فَلَا تَذْهَبْ نَفْسُكَ عَلَيْهِمْ حَسَرَاتٍ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

    Ахир, қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?! Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсани залолатга кетказур, хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур. Бас, уларга жонинг ҳасрат-ла ачинмасин. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини яхши билгувчидир. (Шайтоннинг малайига айланган одамга ўзининг ҳар бир ёмон иши зийнатли кўринади. У ўзидан ўзи ажабланиб, қилган иши ўзига зўр кўринган сари ҳаддан ошиб бораверади.)

    35:8

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf