Sura 39 Zumar

  1. أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَسَلَكَهُ يَنَابِيعَ فِي الْأَرْضِ ثُمَّ يُخْرِجُ بِهِ زَرْعًا مُخْتَلِفًا أَلْوَانُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَجْعَلُهُ حُطَامًا ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ

    Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбаълардан юритиб қўйганини кўрмадингми?! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқарур. Кейин у қурийдир. Бас, уни сарғайган ҳолида кўрарсан. Сўнгра уни қуруқ чўпга айлантирур. Албаттта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир.

    39:21
  2. أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَىٰ نُورٍ مِنْ رَبِّهِ ۚ فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ ۚ أُولَٰئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

    Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар.

    39:22
  3. اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُتَشَابِهًا مَثَانِيَ تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَىٰ ذِكْرِ اللَّهِ ۚ ذَٰلِكَ هُدَى اللَّهِ يَهْدِي بِهِ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

    Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ. (Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.)

    39:23
  4. أَفَمَنْ يَتَّقِي بِوَجْهِهِ سُوءَ الْعَذَابِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۚ وَقِيلَ لِلظَّالِمِينَ ذُوقُوا مَا كُنْتُمْ تَكْسِبُونَ

    Ахир қиёмат куни золимларга, касб қилиб юрган нарсангизни тотиб кўринг, дейилганида ёмон азобдан юзи ила сақланадиган одам (мўмин ила тенг бўлармиди)?!

    39:24
  5. كَذَّبَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَأَتَاهُمُ الْعَذَابُ مِنْ حَيْثُ لَا يَشْعُرُونَ

    Улардан олдингилар ҳам ёлғончи қилганлар, бас, уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келган.

    39:25
  6. فَأَذَاقَهُمُ اللَّهُ الْخِزْيَ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۖ وَلَعَذَابُ الْآخِرَةِ أَكْبَرُ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ

    Аллоҳ уларга бу дунёда хорликни тотдирди, албатта, охират азоби, агар билсалар, янада улкан бўлур.

    39:26
  7. وَلَقَدْ ضَرَبْنَا لِلنَّاسِ فِي هَٰذَا الْقُرْآنِ مِنْ كُلِّ مَثَلٍ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ

    Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки эсласалар.

    39:27
  8. قُرْآنًا عَرَبِيًّا غَيْرَ ذِي عِوَجٍ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

    Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки тақво қилсалар.

    39:28
  9. ضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا رَجُلًا فِيهِ شُرَكَاءُ مُتَشَاكِسُونَ وَرَجُلًا سَلَمًا لِرَجُلٍ هَلْ يَسْتَوِيَانِ مَثَلًا ۚ الْحَمْدُ لِلَّهِ ۚ بَلْ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْلَمُونَ

    Аллоҳ бир мисол келтирур. Бир одамга талашувчи шериклар эгадир. Саломат ҳолидаги бошқа бирига бир киши эгадир. Икковларининг мисоли баробарми?! Аллоҳга ҳамд бўлсин. Йўқ, кўплари билмаслар.

    39:29
  10. إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُمْ مَيِّتُونَ

    Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар. (Аллоҳдан бошқа ҳар бир тирик жон ўлади. Ҳамма ҳам ўлади. Ўлмайдиган ҳеч ким йўқ. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қолади.)

    39:30
  11. ثُمَّ إِنَّكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عِنْدَ رَبِّكُمْ تَخْتَصِمُونَ

    Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни Роббингиз ҳузурида тортишурсизлар.

    39:31
  12. فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ كَذَبَ عَلَى اللَّهِ وَكَذَّبَ بِالصِّدْقِ إِذْ جَاءَهُ ۚ أَلَيْسَ فِي جَهَنَّمَ مَثْوًى لِلْكَافِرِينَ

    Аллоҳга нисбатан ёлғон гапирган ва ўзига содиқ (сўз) келганида уни ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ кимса борми?! Кофирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!

    39:32
  13. وَالَّذِي جَاءَ بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ ۙ أُولَٰئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ

    Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир. (Яъни, Аллоҳнинг содиқ сўзини бандаларга етказган ва ўша содиқ сўзни тасдиқлаганлар тақводорлардир. Қуръони Каримни келтирган Муҳаммад (с. а. в.) ҳамда бошқа барча Пайғамбарлар алайҳиссалом ва барча мўмин бандалар шу сирага кирадилар. Улар Аллоҳ таолога тақво этган, унинг айтганини қилган, қайтарганидан қайтган бандалардир.)

    39:33
  14. لَهُمْ مَا يَشَاءُونَ عِنْدَ رَبِّهِمْ ۚ ذَٰلِكَ جَزَاءُ الْمُحْسِنِينَ

    Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Ана ўша гўзал амал қилгувчиларнинг мукофотидир.

    39:34
  15. لِيُكَفِّرَ اللَّهُ عَنْهُمْ أَسْوَأَ الَّذِي عَمِلُوا وَيَجْزِيَهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ الَّذِي كَانُوا يَعْمَلُونَ

    Зеро, Аллоҳ уларнинг қилган энг ёмон амалини ўчириб, қилиб юрган энг гўзал амаллари ажри ила мукофотлар.

    39:35
  16. أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ ۖ وَيُخَوِّفُونَكَ بِالَّذِينَ مِنْ دُونِهِ ۚ وَمَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

    Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! Улар сени ундан бошқалар билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) мушрикларни Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта худоларини айблаганларида, улар: «Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга, албатта, ёмонлик етади», деб у зотни (с. а. в.) қўрқитмоқчи бўлганлар. Ушбу оят шу муносабат ила тушган экан. Гарчи хос сабаб билан нозил бўлса ҳам, маъноси умумийдир.)

    39:36
  17. وَمَنْ يَهْدِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ مُضِلٍّ ۗ أَلَيْسَ اللَّهُ بِعَزِيزٍ ذِي انْتِقَامٍ

    Кимни Аллоҳ ҳидоятга солса, бас, унинг учун ҳеч бир залолатга кетказгувчи йўқ. Аллоҳ азизу интиқом эгаси эмасми?!

    39:37
  18. وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ لَيَقُولُنَّ اللَّهُ ۚ قُلْ أَفَرَأَيْتُمْ مَا تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ إِنْ أَرَادَنِيَ اللَّهُ بِضُرٍّ هَلْ هُنَّ كَاشِفَاتُ ضُرِّهِ أَوْ أَرَادَنِي بِرَحْمَةٍ هَلْ هُنَّ مُمْسِكَاتُ رَحْمَتِهِ ۚ قُلْ حَسْبِيَ اللَّهُ ۖ عَلَيْهِ يَتَوَكَّلُ الْمُتَوَكِّلُونَ

    Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратди?» деб сўрасанг, албатта: «Аллоҳ!» дерлар. Сен: «Менга хабар беринглар-чи! Сиз илтижо қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсалар, агар Аллоҳ менга зарарни ирода қилса, ўшалар унинг зарарини аритгувчи бўла олурларми?! Ёки менга марҳаматни ирода қилса, ўшалар Унинг марҳаматини тутиб қолгувчи бўла олурми?!» деб айт. Сен: «Менга Аллоҳ етарли, таваккал қилгувчилар унгагина таваккал қилурлар», деб айт.

    39:38
  19. قُلْ يَا قَوْمِ اعْمَلُوا عَلَىٰ مَكَانَتِكُمْ إِنِّي عَامِلٌ ۖ فَسَوْفَ تَعْلَمُونَ

    Сен: «Эй қавмим, ўз ҳолингизча амал қилаверинг. Албатта, мен ҳам амал қилгувчиман. Бас, тезда билурсиз.

    39:39
  20. مَنْ يَأْتِيهِ عَذَابٌ يُخْزِيهِ وَيَحِلُّ عَلَيْهِ عَذَابٌ مُقِيمٌ

    Кимга уни расво қиладиган азоб келажагини ва кимга давомли азоб тушажагини», деб айт. (Яъни, эй қавмим, Аллоҳнинг тавҳид йўлига юрмай, Унга ширк келтирадиган бўлсангиз, ўз ихтиёрингиз билан, ўз хоҳишингиз ва йўлингиз билан амал қилаверинг. Аммо мен Аллоҳнинг айтганига амал қиламан. Тезда қиёмат қоим бўлажак, ўшанда биласиз. Кимнинг устидан муқим турадиган азоб тушажагини биласиз. Менингми, сизларнингми?)

    39:40

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf