Sura 3 Oli Imron

  1. قَالَ رَبِّ اجْعَلْ لِي آيَةً ۖ قَالَ آيَتُكَ أَلَّا تُكَلِّمَ النَّاسَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ إِلَّا رَمْزًا ۗ وَاذْكُرْ رَبَّكَ كَثِيرًا وَسَبِّحْ بِالْعَشِيِّ وَالْإِبْكَارِ

    У: «Эй Роббим, менга бир белги тайинла», деди. У зот: «Сенинг белгинг, уч кун одамларга фақат ишора билан гапиришингдир. Роббингни кўп эсла ва эртаю кеч тасбиҳ айт!» деди.

    3:41
  2. وَإِذْ قَالَتِ الْمَلَائِكَةُ يَا مَرْيَمُ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاكِ وَطَهَّرَكِ وَاصْطَفَاكِ عَلَىٰ نِسَاءِ الْعَالَمِينَ

    Фаришталарнинг: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди.

    3:42
  3. يَا مَرْيَمُ اقْنُتِي لِرَبِّكِ وَاسْجُدِي وَارْكَعِي مَعَ الرَّاكِعِينَ

    Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла. (Бу ерда, Марямни Аллоҳ танлаб олганини, бошқалар каби оддий эмасликларини баён этилмоқда. Шу билан бирга, у кишининг, насоролар даъво қилаётганидек, «она худо» ёки «худонинг хотини» ҳам эмасликларини билвосита таъкидламоқда.)

    3:43
  4. ذَٰلِكَ مِنْ أَنْبَاءِ الْغَيْبِ نُوحِيهِ إِلَيْكَ ۚ وَمَا كُنْتَ لَدَيْهِمْ إِذْ يُلْقُونَ أَقْلَامَهُمْ أَيُّهُمْ يَكْفُلُ مَرْيَمَ وَمَا كُنْتَ لَدَيْهِمْ إِذْ يَخْتَصِمُونَ

    Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида, олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг. (Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна эди. У киши Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйибди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», дебди. Шунда улар, мен оламан-мен оламан, деб талашиб кетибдилар. Чунки қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Улар қаламларини қуръа сифатида дарёга ташлаб, кафилни аниқлашибди. Албатта бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғи, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар.)

    3:44
  5. إِذْ قَالَتِ الْمَلَائِكَةُ يَا مَرْيَمُ إِنَّ اللَّهَ يُبَشِّرُكِ بِكَلِمَةٍ مِنْهُ اسْمُهُ الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ وَجِيهًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَمِنَ الْمُقَرَّبِينَ

    Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. (Оятда келган «сўз»дан мурод Ийсо алайҳиссаломдир.»Сўз» арабчада калима дейилади. Ийсо алайҳиссаломнинг бир номлари «Калиматуллоҳ»дир. Чунки у кишининг дунёга келишиги Аллоҳнинг «Бўл» деган сўзи, калимаси сабаб бўлган.)

    3:45
  6. وَيُكَلِّمُ النَّاسَ فِي الْمَهْدِ وَكَهْلًا وَمِنَ الصَّالِحِينَ

    У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла. (Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Масиҳ Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда. Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда.)

    3:46
  7. قَالَتْ رَبِّ أَنَّىٰ يَكُونُ لِي وَلَدٌ وَلَمْ يَمْسَسْنِي بَشَرٌ ۖ قَالَ كَذَٰلِكِ اللَّهُ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ ۚ إِذَا قَضَىٰ أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ

    У: «Эй Роббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверадир», деди.

    3:47
  8. وَيُعَلِّمُهُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَالتَّوْرَاةَ وَالْإِنْجِيلَ

    Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатадир. (Аллоҳ Марямнинг бўлажак Масиҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.)

    3:48
  9. وَرَسُولًا إِلَىٰ بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنِّي قَدْ جِئْتُكُمْ بِآيَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ ۖ أَنِّي أَخْلُقُ لَكُمْ مِنَ الطِّينِ كَهَيْئَةِ الطَّيْرِ فَأَنْفُخُ فِيهِ فَيَكُونُ طَيْرًا بِإِذْنِ اللَّهِ ۖ وَأُبْرِئُ الْأَكْمَهَ وَالْأَبْرَصَ وَأُحْيِي الْمَوْتَىٰ بِإِذْنِ اللَّهِ ۖ وَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا تَأْكُلُونَ وَمَا تَدَّخِرُونَ فِي بُيُوتِكُمْ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَةً لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ

    Бани Исроилга Пайғамбар қиладир. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз–хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир.

    3:49
  10. وَمُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيَّ مِنَ التَّوْرَاةِ وَلِأُحِلَّ لَكُمْ بَعْضَ الَّذِي حُرِّمَ عَلَيْكُمْ ۚ وَجِئْتُكُمْ بِآيَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ فَاتَّقُوا اللَّهَ وَأَطِيعُونِ

    Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан оят-мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг.

    3:50
  11. إِنَّ اللَّهَ رَبِّي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ ۗ هَٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَقِيمٌ

    Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу–сироти мустақимдир», дейдир. (Ийсо алайҳиссаломнинг: «... ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...» деганларидан, яна бир бор, у кишининг Бани Исроилга Пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссалом шариатига амал қилиб келганлари билинмоқда.)

    3:51
  12. فَلَمَّا أَحَسَّ عِيسَىٰ مِنْهُمُ الْكُفْرَ قَالَ مَنْ أَنْصَارِي إِلَى اللَّهِ ۖ قَالَ الْحَوَارِيُّونَ نَحْنُ أَنْصَارُ اللَّهِ آمَنَّا بِاللَّهِ وَاشْهَدْ بِأَنَّا مُسْلِمُونَ

    Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл. («Ҳаворий» дегани ҳолис, яқин, ишончли дўст деганидир. Ийсо алайҳиссаломнинг ҳам шундай кишилари бор эди. Улар Пайғамбарнинг даъватларига дарҳол лаббай деб жавоб бердилар. Аллоҳнинг дини йўлида ёрдамчи бўлишга тайёр эканликларини эълон қилишлари билан бирга, Аллоҳга келтирган иймонларини ҳам зикр қилмоқдалар. Чунки иймон энг асосий нарса ҳисобланади. Ҳаворийлар яна Ийсо алайҳиссаломдан ўзларининг мусулмонликларига гувоҳ бўлишларини ҳам сўрашмоқда. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунганликлари, Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига ёрдам берганликларига гувоҳ бўлишни сўрашмоқда.)

    3:52
  13. رَبَّنَا آمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

    Эй Роббимиз! Сен туширган нарсага иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», дедилар

    3:53
  14. وَمَكَرُوا وَمَكَرَ اللَّهُ ۖ وَاللَّهُ خَيْرُ الْمَاكِرِينَ

    Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўри»дир. (Бани Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади.)

    3:54
  15. إِذْ قَالَ اللَّهُ يَا عِيسَىٰ إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ وَمُطَهِّرُكَ مِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا وَجَاعِلُ الَّذِينَ اتَّبَعُوكَ فَوْقَ الَّذِينَ كَفَرُوا إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ ۖ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأَحْكُمُ بَيْنَكُمْ فِيمَا كُنْتُمْ فِيهِ تَخْتَلِفُونَ

    Аллоҳ: «Эй Ийсо, Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман. Сўнгра қайтиш жойингиз Ўзимга, бас, ихтилоф қилган нарсаларингиз бўйича орангизда Ўзим ҳукм чиқараман», деганини эсла!

    3:55
  16. فَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا فَأُعَذِّبُهُمْ عَذَابًا شَدِيدًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَمَا لَهُمْ مِنْ نَاصِرِينَ

    Бас, куфр келтирганларни бу дунёю у дунёда шиддатли азоб ила азоблайман. Уларга ёрдам берувчилар йўқдир.

    3:56
  17. وَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَيُوَفِّيهِمْ أُجُورَهُمْ ۗ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ

    Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг ажрини тўлиқ беради. Ва Аллоҳ золимларни хуш кўрмас.

    3:57
  18. ذَٰلِكَ نَتْلُوهُ عَلَيْكَ مِنَ الْآيَاتِ وَالذِّكْرِ الْحَكِيمِ

    Бу сенга тиловат қилиб бераётганимиз оятлар ва ҳаким эслатмадандир.

    3:58
  19. إِنَّ مَثَلَ عِيسَىٰ عِنْدَ اللَّهِ كَمَثَلِ آدَمَ ۖ خَلَقَهُ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ قَالَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ

    Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, бўлди. (Аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган зот Ийсо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса, албатта бунга иқрор бўлади.)

    3:59
  20. الْحَقُّ مِنْ رَبِّكَ فَلَا تَكُنْ مِنَ الْمُمْتَرِينَ

    Бу ҳақиқат Роббингдандир, бас, шак келтирувчилардан бўлма.

    3:60

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf