Sura 3 Oli Imron

  1. وَلِيُمَحِّصَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَمْحَقَ الْكَافِرِينَ

    Токи Аллоҳ мўминларни поклаши ва кофирларни ҳалок қилиши учун.

    3:141
  2. أَمْ حَسِبْتُمْ أَنْ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَعْلَمِ اللَّهُ الَّذِينَ جَاهَدُوا مِنْكُمْ وَيَعْلَمَ الصَّابِرِينَ

    Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми?!

    3:142
  3. وَلَقَدْ كُنْتُمْ تَمَنَّوْنَ الْمَوْتَ مِنْ قَبْلِ أَنْ تَلْقَوْهُ فَقَدْ رَأَيْتُمُوهُ وَأَنْتُمْ تَنْظُرُونَ

    Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз. (Бу хитоб Уҳуд уруши чоғидаги ва ундан олдинги ҳолатни мусулмонларнинг ёдига солиш учундир. Маълумки, Бадр урушида кўпчилик қатнаша олмай қолган эди. Бадрдаги ғалаба, унда шаҳид бўлганларга ваъда қилинган олий даражаларни билгандан сўнг, яна ғозот бўлса эди, биз ҳам савобга эришар эдик, шаҳид бўлсак, ушбу олий даражаларга эришар эдик, деган орзу кўпчиликнинг хаёлини қамраб олган эди.)

    3:143
  4. وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ ۚ أَفَإِنْ مَاتَ أَوْ قُتِلَ انْقَلَبْتُمْ عَلَىٰ أَعْقَابِكُمْ ۚ وَمَنْ يَنْقَلِبْ عَلَىٰ عَقِبَيْهِ فَلَنْ يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا ۗ وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ

    Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар. (Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни, Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.)

    3:144
  5. وَمَا كَانَ لِنَفْسٍ أَنْ تَمُوتَ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ كِتَابًا مُؤَجَّلًا ۗ وَمَنْ يُرِدْ ثَوَابَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَنْ يُرِدْ ثَوَابَ الْآخِرَةِ نُؤْتِهِ مِنْهَا ۚ وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ

    Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз.

    3:145
  6. وَكَأَيِّنْ مِنْ نَبِيٍّ قَاتَلَ مَعَهُ رِبِّيُّونَ كَثِيرٌ فَمَا وَهَنُوا لِمَا أَصَابَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَمَا ضَعُفُوا وَمَا اسْتَكَانُوا ۗ وَاللَّهُ يُحِبُّ الصَّابِرِينَ

    Қанчадан қанча Пайғамбарлар билан бирга кўплаб роббонийлар жанг қилганлар. Улар Аллоҳ йўлида етган мусибатдан бўшашмаганлар, заифлашмаганлар ва бўйсунмаганлар. Аллоҳ сабрлиларни севади.

    3:146
  7. وَمَا كَانَ قَوْلَهُمْ إِلَّا أَنْ قَالُوا رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَإِسْرَافَنَا فِي أَمْرِنَا وَثَبِّتْ أَقْدَامَنَا وَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

    Улар: «Эй Роббимиз! Бизнинг гуноҳларимиз ва ишимиздаги исрофимизни Ўзинг кечиргин, собитқадам қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», деган гапдан ўзга гапни айтмаганлар.

    3:147
  8. فَآتَاهُمُ اللَّهُ ثَوَابَ الدُّنْيَا وَحُسْنَ ثَوَابِ الْآخِرَةِ ۗ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

    Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади.

    3:148
  9. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ تُطِيعُوا الَّذِينَ كَفَرُوا يَرُدُّوكُمْ عَلَىٰ أَعْقَابِكُمْ فَتَنْقَلِبُوا خَاسِرِينَ

    Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласиз. (Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)

    3:149
  10. بَلِ اللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ خَيْرُ النَّاصِرِينَ

    Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир! (Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг хўжангиз ва валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)

    3:150
  11. سَنُلْقِي فِي قُلُوبِ الَّذِينَ كَفَرُوا الرُّعْبَ بِمَا أَشْرَكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا ۖ وَمَأْوَاهُمُ النَّارُ ۚ وَبِئْسَ مَثْوَى الظَّالِمِينَ

    Тезда куфр келтирганларнинг қалбига, Аллоҳга ҳужжатсиз нарсани ширк келтирганлари учун, қўрқувни соламиз. Уларнинг қароргоҳи дўзахдир. Золимларнинг жойи қандай ҳам ёмон! (Агар мўминлар ҳақиқий иймон эгалари бўлсалар, улар ҳар қачон кофирлар билан тўқнашганларида, Аллоҳ таоло кофирлар қалбига қўрқувни солиб қўяди. Чунки кофирлар ҳужжатсиз, қувватсиз, имконсиз нарсаларга таянадилар.)

    3:151
  12. وَلَقَدْ صَدَقَكُمُ اللَّهُ وَعْدَهُ إِذْ تَحُسُّونَهُمْ بِإِذْنِهِ ۖ حَتَّىٰ إِذَا فَشِلْتُمْ وَتَنَازَعْتُمْ فِي الْأَمْرِ وَعَصَيْتُمْ مِنْ بَعْدِ مَا أَرَاكُمْ مَا تُحِبُّونَ ۚ مِنْكُمْ مَنْ يُرِيدُ الدُّنْيَا وَمِنْكُمْ مَنْ يُرِيدُ الْآخِرَةَ ۚ ثُمَّ صَرَفَكُمْ عَنْهُمْ لِيَبْتَلِيَكُمْ ۖ وَلَقَدْ عَفَا عَنْكُمْ ۗ وَاللَّهُ ذُو فَضْلٍ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ

    Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган зотдир. (Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилишоқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.)

    3:152
  13. إِذْ تُصْعِدُونَ وَلَا تَلْوُونَ عَلَىٰ أَحَدٍ وَالرَّسُولُ يَدْعُوكُمْ فِي أُخْرَاكُمْ فَأَثَابَكُمْ غَمًّا بِغَمٍّ لِكَيْلَا تَحْزَنُوا عَلَىٰ مَا فَاتَكُمْ وَلَا مَا أَصَابَكُمْ ۗ وَاللَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

    Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам, ҳеч кимга қарамай тирқираб қочганингизни эсланг. Ўтган нарсага ва етган мусибатга хафа бўлмаслигингиз учун сизга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор зотдир. (Аллоҳ таоло Уҳуд урушида сизга ғам устига ғам берди. Аввало жароҳат етди; кўпчилик қатл бўлди; мушриклардан мағлуб бўлдилар; ўлжадан қуруқ қолдилар; ғалабани қўлдан чиқардилар ва энг улкан ғам–Расулуллоҳни оғир ҳолда ташлаб қочишлари ва у зотнинг бошлари ёрилиб, тишлари синиб, ёноқларига темир ҳалқаларнинг кириши бўлди. Мана шу охирги ғам ҳамма ўтган нарсаларни ва етган мусибатларни унутдириб юборди.)

    3:153
  14. ثُمَّ أَنْزَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ بَعْدِ الْغَمِّ أَمَنَةً نُعَاسًا يَغْشَىٰ طَائِفَةً مِنْكُمْ ۖ وَطَائِفَةٌ قَدْ أَهَمَّتْهُمْ أَنْفُسُهُمْ يَظُنُّونَ بِاللَّهِ غَيْرَ الْحَقِّ ظَنَّ الْجَاهِلِيَّةِ ۖ يَقُولُونَ هَلْ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ مِنْ شَيْءٍ ۗ قُلْ إِنَّ الْأَمْرَ كُلَّهُ لِلَّهِ ۗ يُخْفُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ مَا لَا يُبْدُونَ لَكَ ۖ يَقُولُونَ لَوْ كَانَ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ مَا قُتِلْنَا هَاهُنَا ۗ قُلْ لَوْ كُنْتُمْ فِي بُيُوتِكُمْ لَبَرَزَ الَّذِينَ كُتِبَ عَلَيْهِمُ الْقَتْلُ إِلَىٰ مَضَاجِعِهِمْ ۖ وَلِيَبْتَلِيَ اللَّهُ مَا فِي صُدُورِكُمْ وَلِيُمَحِّصَ مَا فِي قُلُوبِكُمْ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ

    Сўнгра, ғамдан кейин, сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик, дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўкракдаги нарсани ҳам билувчи зотдир», деб айт. (Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, ҳатто фалокатдан, бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда: Бу тоифа–иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, Пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Бошларига зарба етганда, иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам: «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», дейдилар. Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.)

    3:154
  15. إِنَّ الَّذِينَ تَوَلَّوْا مِنْكُمْ يَوْمَ الْتَقَى الْجَمْعَانِ إِنَّمَا اسْتَزَلَّهُمُ الشَّيْطَانُ بِبَعْضِ مَا كَسَبُوا ۖ وَلَقَدْ عَفَا اللَّهُ عَنْهُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ حَلِيمٌ

    Икки тўп тўқнашган куни сизлардан юз ўгириб қочганларни баъзи қилган ишлари туфайли шайтон йўлдан урди, холос. Батаҳқиқ, Аллоҳ уларни афв қилди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

    3:155
  16. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ كَفَرُوا وَقَالُوا لِإِخْوَانِهِمْ إِذَا ضَرَبُوا فِي الْأَرْضِ أَوْ كَانُوا غُزًّى لَوْ كَانُوا عِنْدَنَا مَا مَاتُوا وَمَا قُتِلُوا لِيَجْعَلَ اللَّهُ ذَٰلِكَ حَسْرَةً فِي قُلُوبِهِمْ ۗ وَاللَّهُ يُحْيِي وَيُمِيتُ ۗ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ

    Эй иймон келтирганлар! Куфр келтирганларга ва ер юзида юрган ва ғозий бўлган биродарлари ҳақида, агар бизнинг ҳузуримизда бўлганларида ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар, дейдиганларга ўхшаманг. Буни Аллоҳ қалбларида ҳасрат қилиши учун айтадилар. Аллоҳ тирилтиради ва ўлдиради, Аллоҳ қилган амалларингизни кўрувчи зотдир.

    3:156
  17. وَلَئِنْ قُتِلْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَوْ مُتُّمْ لَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرَحْمَةٌ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ

    Гарчи Аллоҳ йўлида қатл қилинсангиз ҳам ёки ўлсангиз ҳам, Аллоҳдан бўладиган мағфират ва раҳмат улар жамлайдиган нарсадан яхшидир.

    3:157
  18. وَلَئِنْ مُتُّمْ أَوْ قُتِلْتُمْ لَإِلَى اللَّهِ تُحْشَرُونَ

    Гарчи ўлсангиз ҳам ёки қатл қилинсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ ҳузурида йиғилурсиз.

    3:158
  19. فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ ۖ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ ۖ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ ۖ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

    Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир. (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда–кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса хам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда.)

    3:159
  20. إِنْ يَنْصُرْكُمُ اللَّهُ فَلَا غَالِبَ لَكُمْ ۖ وَإِنْ يَخْذُلْكُمْ فَمَنْ ذَا الَّذِي يَنْصُرُكُمْ مِنْ بَعْدِهِ ۗ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ

    Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар.

    3:160

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf