Sura 4 Niso
-
فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَىٰ هَٰؤُلَاءِ شَهِيدًا
Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?! (Бу оятда қиёмат кунининг васфи келмоқда. Қиёмат қўпганида, ҳар бир умматга ўз Пайғамбари гувоҳ этиб олиб келинади. Анбиёлар эса, умматлари Аллоҳнинг амрига юрганлари ва юрмаганлари ҳақида адолатли гувоҳлик берадилар. Муҳаммад алайҳиссалом аввалдан охиргача ҳамма умматларга гувоҳлик берадилар. Ана ўшанда у кишига иймон келтирмаганлар, мутакаббир, фахрланувчи ва бахилларнинг, одамларни ҳам бахилликка буюрган ва Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматларни беркитганларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ўзлари инкор этган Холиқнинг ҳузурида турибдилар, ўзлари рад қилган Пайғамбар энди уларга гувоҳлик бериши, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни Олий Қози ҳузурида айтиши керак. Энди бу кофирлар, мунофиқларнинг ҳоли не кечади? Қиёмат қоим бўлди. Xақиқат юзага чиқди.)
4:41 -
يَوْمَئِذٍ يَوَدُّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَعَصَوُا الرَّسُولَ لَوْ تُسَوَّىٰ بِهِمُ الْأَرْضُ وَلَا يَكْتُمُونَ اللَّهَ حَدِيثًا
Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар.
4:42 -
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْرَبُوا الصَّلَاةَ وَأَنْتُمْ سُكَارَىٰ حَتَّىٰ تَعْلَمُوا مَا تَقُولُونَ وَلَا جُنُبًا إِلَّا عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىٰ تَغْتَسِلُوا ۚ وَإِنْ كُنْتُمْ مَرْضَىٰ أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ أَوْ جَاءَ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنَ الْغَائِطِ أَوْ لَامَسْتُمُ النِّسَاءَ فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا فَامْسَحُوا بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَفُوًّا غَفُورًا
Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг ва жунуб ҳолингизда ҳам то ғусл қилмагунингизча. Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв ва мағфират қилувчи зотдир. (Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар мужассам топгандир. Шу билан бирга, ароқни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳамдир. Таҳорат ва ғуслга сув топилмаса, тоза тупроқ-ла таяммум қилинади. Шунингдек, сув тегиши билан касаллиги кучайиб кетадиган беморларга ҳам таяммумга рухсат. Яъни, таҳорати йўқ одам таҳоратни ният қилиб таяммум қилса, таҳорат ўрнига ўтади. Жунуб одам ғуслни ният қилиб таяммум қилса, ғусл ўрнига ўтади.)
4:43 -
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ أُوتُوا نَصِيبًا مِنَ الْكِتَابِ يَشْتَرُونَ الضَّلَالَةَ وَيُرِيدُونَ أَنْ تَضِلُّوا السَّبِيلَ
Китобдан насиба берилганларнинг залолатни сотиб олишларини ва сиз йўлдан адашишингизни исташларини кўрмайсизми?
4:44 -
وَاللَّهُ أَعْلَمُ بِأَعْدَائِكُمْ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَلِيًّا وَكَفَىٰ بِاللَّهِ نَصِيرًا
Аллоҳ сизнинг душманларингизни билувчи зотдир. Валийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Нусрат берувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.
4:45 -
مِنَ الَّذِينَ هَادُوا يُحَرِّفُونَ الْكَلِمَ عَنْ مَوَاضِعِهِ وَيَقُولُونَ سَمِعْنَا وَعَصَيْنَا وَاسْمَعْ غَيْرَ مُسْمَعٍ وَرَاعِنَا لَيًّا بِأَلْسِنَتِهِمْ وَطَعْنًا فِي الدِّينِ ۚ وَلَوْ أَنَّهُمْ قَالُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا وَاسْمَعْ وَانْظُرْنَا لَكَانَ خَيْرًا لَهُمْ وَأَقْوَمَ وَلَٰكِنْ لَعَنَهُمُ اللَّهُ بِكُفْرِهِمْ فَلَا يُؤْمِنُونَ إِلَّا قَلِيلًا
Яҳудий бўлганлардан калималарни ўз жойидан бузиб-ўзгартирувчилар бор. Улар тилларини бураб ва динга таъна етказиб: «Эшитдик ва исён қилдик, эшит, эшитмай қолгур ва «Роина» дерлар. Агар улар, эшитдик, ва итоат қилдик, эшит ва бизга назар сол, деганларида, албатта, ўзларига яхши ва тўғри бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни куфрлари сабабли лаънатлади. Бас, озгиналаридан бошқалари иймон келтирмаслар. (Яъни, яҳудийлар разилона сўз ўйини қилишади. Сиртдан чиройли, одобли сўзларни айтгандек кўринишади, аммо аслида тилларини буриб, ўша сўзларнинг иккинчи–ёмон маъносини ифодалашади. Мисол учун, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир гапни айтсалар, мўмин-мусулмонлар, эшитдик ва итоат қилдик, дер эдилар. Яҳудийлар эса, эшитдик ва исён қилдик, дейишади. Сиртдан қараганда, худди мўминларга ўхшаб жавоб берганга ўхшашади. Аслида эса, у кишини масхара қилмоқчи ва динга таъна етказмоқчи бўладилар.)
4:46 -
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ آمِنُوا بِمَا نَزَّلْنَا مُصَدِّقًا لِمَا مَعَكُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَطْمِسَ وُجُوهًا فَنَرُدَّهَا عَلَىٰ أَدْبَارِهَا أَوْ نَلْعَنَهُمْ كَمَا لَعَنَّا أَصْحَابَ السَّبْتِ ۚ وَكَانَ أَمْرُ اللَّهِ مَفْعُولًا
Эй китоб берилганлар! Юзларни бузиб, орқаларига бурмасимиздан ёхуд уларни шанба одамларини лаънатлаганимиздек лаънатламасимиздан олдин сизлардаги нарсани тасдиқловчи бўлиб келган нарсага иймон келтиринг. Аллоҳнинг иши амалга ошгусидир. (Яҳудийлар шариати бўйича, шанба куни ишлаш, жумладан балиқ овлаш ман қилинган эди. Аммо улар шумлик қилиб, бу илоҳий амрни ҳам буздилар. Алоҳида ҳовузлар қазиб, шанба куни балиқларни қамаб олиб, бошқа кунлари тутишди. Шунда Аллоҳнинг ғазаби келиб, уларни маймун ва тўнғизга айлантирди.)
4:47 -
إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَىٰ إِثْمًا عَظِيمًا
Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир.
4:48 -
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُزَكُّونَ أَنْفُسَهُمْ ۚ بَلِ اللَّهُ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ وَلَا يُظْلَمُونَ فَتِيلًا
Ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмайсанми?! Йўқ! Аллоҳ кимни хоҳласа, шуни поклайди. Ва қилча зулм қилинмаслар.
4:49 -
انْظُرْ كَيْفَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ ۖ وَكَفَىٰ بِهِ إِثْمًا مُبِينًا
Уларнинг Аллоҳга ёлғон тўқишини кўрмайсанми?! Шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин гуноҳликка етарли.
4:50 -
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ أُوتُوا نَصِيبًا مِنَ الْكِتَابِ يُؤْمِنُونَ بِالْجِبْتِ وَالطَّاغُوتِ وَيَقُولُونَ لِلَّذِينَ كَفَرُوا هَٰؤُلَاءِ أَهْدَىٰ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا سَبِيلًا
Китобдан насибадор бўлганларнинг ботилга ва тоғутга иймон келтиришларини ва куфр келтирганларни кўрсатиб: «Анавилар иймон келтирганлардан кўра ҳидоятлироқ йўлдалар», дейишларини кўрмайсанми?! (Бу ояти каримада яҳудийлар энди «Китобдан насибадор бўлганлар», деб тавсифланмоқда. Биз «ботил» деб таржима қилган сўз оятда «жибт» деб келган. Араб тилида жибт–бут, санам, фолбин ва сеҳргарга ўхшаш нарсаларга ишлатилади. «Тоғут» эса–Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариат ва Аллоҳнинг шариатига асосланмаган ҳукмдир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яҳудийларни жибт ва тоғутга иймон келтирганлар, деб васф қилмоқда.)
4:51 -
أُولَٰئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ ۖ وَمَنْ يَلْعَنِ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ نَصِيرًا
Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлагандир. Кимни Аллоҳ лаънатласа, унга ҳеч нусратчи тополмассан.
4:52 -
أَمْ لَهُمْ نَصِيبٌ مِنَ الْمُلْكِ فَإِذًا لَا يُؤْتُونَ النَّاسَ نَقِيرًا
Ёки улар мулкдан насибадорлар-у, шундай тақдирда ундан одамларга зиғирча ҳам бермайдиларми?!
4:53 -
أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَىٰ مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ ۖ فَقَدْ آتَيْنَا آلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآتَيْنَاهُمْ مُلْكًا عَظِيمًا
Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку?!
4:54 -
فَمِنْهُمْ مَنْ آمَنَ بِهِ وَمِنْهُمْ مَنْ صَدَّ عَنْهُ ۚ وَكَفَىٰ بِجَهَنَّمَ سَعِيرًا
Бас, уларнинг ичида унга (Муҳаммадга) иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгириб куфр келтирганлар ҳам бор. Жаҳаннам куйдириш азобига кифоя қилур.
4:55 -
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِنَا سَوْفَ نُصْلِيهِمْ نَارًا كُلَّمَا نَضِجَتْ جُلُودُهُمْ بَدَّلْنَاهُمْ جُلُودًا غَيْرَهَا لِيَذُوقُوا الْعَذَابَ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَزِيزًا حَكِيمًا
Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритамиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.
4:56 -
وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَنُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۖ لَهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُطَهَّرَةٌ ۖ وَنُدْخِلُهُمْ ظِلًّا ظَلِيلًا
Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий боқий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритамиз. (Ушбу оятда зикр этилган саодатманд кишилар мазкур улуғ неъматга Аллоҳнинг фазли ила, иймонлари ва солиҳ амаллари туфайли эришадилар.)
4:57 -
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَىٰ أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ ۚ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا
Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир. (Омонатни турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с. а. в.) қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатни изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.)
4:58 -
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.
4:59 -
أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يَزْعُمُونَ أَنَّهُمْ آمَنُوا بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنْزِلَ مِنْ قَبْلِكَ يُرِيدُونَ أَنْ يَتَحَاكَمُوا إِلَى الطَّاغُوتِ وَقَدْ أُمِرُوا أَنْ يَكْفُرُوا بِهِ وَيُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُضِلَّهُمْ ضَلَالًا بَعِيدًا
Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб беришни истайдилар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилгандир. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайди. (Аввал ҳам айтилганидек, тоғут–Аллоҳнинг изнсиз бўлган ҳукмидир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Мунофиқлар тоғутга куфр келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.)
4:60
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf