Sura 4 Niso

  1. وَأَخْذِهِمُ الرِّبَا وَقَدْ نُهُوا عَنْهُ وَأَكْلِهِمْ أَمْوَالَ النَّاسِ بِالْبَاطِلِ ۚ وَأَعْتَدْنَا لِلْكَافِرِينَ مِنْهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا

    Ва қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганликлари ва одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлари учун. Ва уларнинг кофирлари учун аламли азобни таёрлаб қўйдик.

    4:161
  2. لَٰكِنِ الرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ مِنْهُمْ وَالْمُؤْمِنُونَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنْزِلَ مِنْ قَبْلِكَ ۚ وَالْمُقِيمِينَ الصَّلَاةَ ۚ وَالْمُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالْمُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أُولَٰئِكَ سَنُؤْتِيهِمْ أَجْرًا عَظِيمًا

    Лекин улардан илмда мустаҳкам бўлганлари ва мўминлари сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирарлар. Хусусан, намозни қоим қилувчилар, закот берувчилар, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчилар ҳам. Ана ўшаларга, албатта, улуғ ажр берамиз.

    4:162
  3. إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَىٰ نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِنْ بَعْدِهِ ۚ وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَعِيسَىٰ وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ ۚ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُورًا

    Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик. (Демак, ҳамма Пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган зот битта. Мазкур Пайғамбарларга ваҳий юборган ўша зот Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий юборган. Мазкур кишиларни Пайғамбар қилиб танлаб олган ўша зот Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлаб олгандир. Довуд алайҳиссаломга Забурни берган бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни бергандир.)

    4:163
  4. وَرُسُلًا قَدْ قَصَصْنَاهُمْ عَلَيْكَ مِنْ قَبْلُ وَرُسُلًا لَمْ نَقْصُصْهُمْ عَلَيْكَ ۚ وَكَلَّمَ اللَّهُ مُوسَىٰ تَكْلِيمًا

    Ва Биз сенга бундан олдин қиссаларини айтиб берган ва қиссаларини айтиб бермаган Пайғамбарларни юбордик. Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди. (Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар: Одам, Идрис, Нуҳ, Xуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуайб, Мусо, ғорун, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, ал-Ясаъ, Закариё, Яҳъё, Зул-Кифл, Ийсо ва Муҳмаммад алайҳиссаломлардир. Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорийдан (р. а.) қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» деб сўрадим. У зот (с. а. в.): «Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» дедим. У зот: «Уч юз ўн учтаси, кўпчилик» дедилар.)

    4:164
  5. رُسُلًا مُبَشِّرِينَ وَمُنْذِرِينَ لِئَلَّا يَكُونَ لِلنَّاسِ عَلَى اللَّهِ حُجَّةٌ بَعْدَ الرُّسُلِ ۚ وَكَانَ اللَّهُ عَزِيزًا حَكِيمًا

    Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбарларни Аллоҳ ҳузурида одамларга Пайғамбарлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун юбордик. Ва Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир.

    4:165
  6. لَٰكِنِ اللَّهُ يَشْهَدُ بِمَا أَنْزَلَ إِلَيْكَ ۖ أَنْزَلَهُ بِعِلْمِهِ ۖ وَالْمَلَائِكَةُ يَشْهَدُونَ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ شَهِيدًا

    Лекин Аллоҳ сенга нозил қилган нарсаси ила гувоҳлик беради. Уни Ўз илми ила нозил қилди. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

    4:166
  7. إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَصَدُّوا عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ قَدْ ضَلُّوا ضَلَالًا بَعِيدًا

    Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар, батаҳқиқ, қаттиқ адашгандирлар.

    4:167
  8. إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَظَلَمُوا لَمْ يَكُنِ اللَّهُ لِيَغْفِرَ لَهُمْ وَلَا لِيَهْدِيَهُمْ طَرِيقًا

    Албатта, куфр келтирганлар ва зулум қилганларни Аллоҳ зинҳор мағфират қилмас ва йўлга ҳидоят ҳам қилмас.

    4:168
  9. إِلَّا طَرِيقَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۚ وَكَانَ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا

    Магар жаҳаннам йўлига (ҳидоят қилади) ва унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳ учун осондир.

    4:169
  10. يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمُ الرَّسُولُ بِالْحَقِّ مِنْ رَبِّكُمْ فَآمِنُوا خَيْرًا لَكُمْ ۚ وَإِنْ تَكْفُرُوا فَإِنَّ لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

    Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизларга Роббингиздан ҳақ ила Пайғамбар келди. Бас, иймон келтиринг, ўзингизга яхши бўладир. Агар куфр келтирсангиз, зотан осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

    4:170
  11. يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ وَلَا تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ إِلَّا الْحَقَّ ۚ إِنَّمَا الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ رَسُولُ اللَّهِ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَىٰ مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ ۖ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ۖ وَلَا تَقُولُوا ثَلَاثَةٌ ۚ انْتَهُوا خَيْرًا لَكُمْ ۚ إِنَّمَا اللَّهُ إِلَٰهٌ وَاحِدٌ ۖ سُبْحَانَهُ أَنْ يَكُونَ لَهُ وَلَدٌ ۘ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ ۗ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَكِيلًا

    Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар Уникидир, ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан–ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш–ҳаддан ошиш эди.)

    4:171
  12. لَنْ يَسْتَنْكِفَ الْمَسِيحُ أَنْ يَكُونَ عَبْدًا لِلَّهِ وَلَا الْمَلَائِكَةُ الْمُقَرَّبُونَ ۚ وَمَنْ يَسْتَنْكِفْ عَنْ عِبَادَتِهِ وَيَسْتَكْبِرْ فَسَيَحْشُرُهُمْ إِلَيْهِ جَمِيعًا

    Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор бош тортмаслар. Ким унинг ибодатидан бош тортса ва мутакаббирлик қилса, уларнинг ҳаммасини Ўзига тўплайди.

    4:172
  13. فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَيُوَفِّيهِمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدُهُمْ مِنْ فَضْلِهِ ۖ وَأَمَّا الَّذِينَ اسْتَنْكَفُوا وَاسْتَكْبَرُوا فَيُعَذِّبُهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا وَلَا يَجِدُونَ لَهُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ وَلِيًّا وَلَا نَصِيرًا

    Иймон келтириб яхши амалларни қилганларни эса, ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан ҳам зиёда қилур. Аммо ор қилиб кибрга кетганларни аламли азоб билан азоблар ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топмаслар.

    4:173
  14. يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمْ بُرْهَانٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُورًا مُبِينًا

    Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик. (Бу бурҳон Қуръони Каримдир. Ушбу бурҳон Аллоҳнинг ягоналигининг бурҳонидир. Ушбу бурҳон Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақликлари бурҳонидир. Ушбу бурҳон Исломнинг икки дунё саодатига элтувчи дин эканлигининг бурҳонидир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир.)

    4:174
  15. فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَاعْتَصَمُوا بِهِ فَسَيُدْخِلُهُمْ فِي رَحْمَةٍ مِنْهُ وَفَضْلٍ وَيَهْدِيهِمْ إِلَيْهِ صِرَاطًا مُسْتَقِيمًا

    Аллоҳга иймон келтирган ва Уни маҳкам тутганларни, шубҳасиз, уларни ўзидан бўлган раҳматга ва фазлга киритади ва уларни Унга–тўғри йўлга ҳидоят қиладир.

    4:175
  16. يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ ۚ إِنِ امْرُؤٌ هَلَكَ لَيْسَ لَهُ وَلَدٌ وَلَهُ أُخْتٌ فَلَهَا نِصْفُ مَا تَرَكَ ۚ وَهُوَ يَرِثُهَا إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهَا وَلَدٌ ۚ فَإِنْ كَانَتَا اثْنَتَيْنِ فَلَهُمَا الثُّلُثَانِ مِمَّا تَرَكَ ۚ وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ ۗ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

    Сендан фатво сўрарлар. Сен: «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берадир», деб айт. Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилади. Агар сингилнинг боласи бўлмаса, у ҳамма меросни олади. Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини оларлар. Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида оладилар. Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир. («Калола» нима эканлиги хусусида ушбу Нисо сураси аввалида баҳс қилганмиз.)

    4:176

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf