Sura 4 Niso

  1. وَإِذَا ضَرَبْتُمْ فِي الْأَرْضِ فَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَقْصُرُوا مِنَ الصَّلَاةِ إِنْ خِفْتُمْ أَنْ يَفْتِنَكُمُ الَّذِينَ كَفَرُوا ۚ إِنَّ الْكَافِرِينَ كَانُوا لَكُمْ عَدُوًّا مُبِينًا

    Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир. Албатта, кофирлар сизга очиқ душмандирлар.

    4:101
  2. وَإِذَا كُنْتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلَاةَ فَلْتَقُمْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُوا فَلْيَكُونُوا مِنْ وَرَائِكُمْ وَلْتَأْتِ طَائِفَةٌ أُخْرَىٰ لَمْ يُصَلُّوا فَلْيُصَلُّوا مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ ۗ وَدَّ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْ تَغْفُلُونَ عَنْ أَسْلِحَتِكُمْ وَأَمْتِعَتِكُمْ فَيَمِيلُونَ عَلَيْكُمْ مَيْلَةً وَاحِدَةً ۚ وَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِنْ كَانَ بِكُمْ أَذًى مِنْ مَطَرٍ أَوْ كُنْتُمْ مَرْضَىٰ أَنْ تَضَعُوا أَسْلِحَتَكُمْ ۖ وَخُذُوا حِذْرَكُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ أَعَدَّ لِلْكَافِرِينَ عَذَابًا مُهِينًا

    Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Xушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир. (Ушбу ояти карима билан танишганда, намозга нақадар катта эътибор борлиги дарҳол англаб етилади. Ўйлаб кўринг-а: уруш бўлиб турса, ҳар бир инсоннинг ҳаёти қил устида турса-да, яна намоз ўқишга амр бўлса! Уруш пайтида ўқиладиган намоз «Хавф намози» деб аталади. Демак, жиҳодга чиққан мужоҳидлар бу ҳолда иккига бўлинишади. Бир тоифалари имом билан намоз ўқийди, иккинчи тоифа намоз ўқимай, қўриқчилик қилиб туради. Имом биринчи тоифа билан биринчи ракъатни ўқиб бўлгандан сўнг туриб орқага қўриқчиликка ўтади. Қўриқчилик қилиб турган иккинчи тоифа келиб имом билан иккинчи ракъатни ўқийди. Оятда шу жойгача зикр этилган. Намознинг давоми Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида келган. Иккинчи ракъат тамом бўлиши билан имом салом беради. Чунки у икки ракъатни тамом ўқиди. Кейин биринчи тоифа келиб иккинчи ракатни ҳар ким ўзи ўқиб салом беради. Иккинчи ракатни имом билан ўқиган ва яна қоровулликка ўтган иккинчи тоифа биринчи тоифадан кейин қолган бир ракат намозини якка-якка ўқиб салом беради. Бундай намозни адо этиш давомида мусулмонлар ҳушёр бўлишлари ва силоҳларини ўзлари билан бирга тутишлари қайта-қайта тайинланмоқда. Кофирларнинг ёмонликларидан бехабар қолманглар, деб огоҳлантирилмоқда.)

    4:102
  3. فَإِذَا قَضَيْتُمُ الصَّلَاةَ فَاذْكُرُوا اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمْ ۚ فَإِذَا اطْمَأْنَنْتُمْ فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ ۚ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

    Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир. (Xар вақтда ҳам, ҳар намоздан кейин ҳам Аллоҳни зикир этиш тарғиб қилинади. Аммо бу ояти каримада бу иш ҳавф намозидан кейин, айниқса, зарур экани таъкидланмоқда. Ўтирганда ҳам, турганда ҳам, ёнбошлаганда ҳам, яъни, ҳамма ҳолатларда Аллоҳ таолони зикр қилиб, ундан душман билан бўладиган жангда ғалаба-нусрат сўралади.)

    4:103
  4. وَلَا تَهِنُوا فِي ابْتِغَاءِ الْقَوْمِ ۖ إِنْ تَكُونُوا تَأْلَمُونَ فَإِنَّهُمْ يَأْلَمُونَ كَمَا تَأْلَمُونَ ۖ وَتَرْجُونَ مِنَ اللَّهِ مَا لَا يَرْجُونَ ۗ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

    У қавмни қувишда бўш келманг. Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

    4:104
  5. إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِتَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ بِمَا أَرَاكَ اللَّهُ ۚ وَلَا تَكُنْ لِلْخَائِنِينَ خَصِيمًا

    Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганига ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!

    4:105
  6. وَاسْتَغْفِرِ اللَّهَ ۖ إِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا

    Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

    4:106
  7. وَلَا تُجَادِلْ عَنِ الَّذِينَ يَخْتَانُونَ أَنْفُسَهُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ خَوَّانًا أَثِيمًا

    Ўз жонларига хиёнат қиладиганларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас. (Аллоҳ таоло бу оятда Тўъма ибн Убайрақ ва унинг қариндошларини «ўз жонларига хиёнат қилганлар», деб васф қилмоқда. Аслида, улар яҳудий шахсга хиёнат қилган, ўғрилик айбини унга ағдарган эдилар. Лекин бу ишнинг ёмонлиги уларга қайтиши эътиборидан ўзларига хиёнат қилган ҳисобланади. Ўғрилик қилиш–гуноҳкорлик, айбни ноҳақдан бировга ағдариш эса, хиёнатдир.)

    4:107
  8. يَسْتَخْفُونَ مِنَ النَّاسِ وَلَا يَسْتَخْفُونَ مِنَ اللَّهِ وَهُوَ مَعَهُمْ إِذْ يُبَيِّتُونَ مَا لَا يَرْضَىٰ مِنَ الْقَوْلِ ۚ وَكَانَ اللَّهُ بِمَا يَعْمَلُونَ مُحِيطًا

    Одамлардан яширадилар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Xолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилувчи зотдир.

    4:108
  9. هَا أَنْتُمْ هَٰؤُلَاءِ جَادَلْتُمْ عَنْهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا فَمَنْ يُجَادِلُ اللَّهَ عَنْهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَمْ مَنْ يَكُونُ عَلَيْهِمْ وَكِيلًا

    Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким олади ёки ким уларга вакил бўлади?!.

    4:109
  10. وَمَنْ يَعْمَلْ سُوءًا أَوْ يَظْلِمْ نَفْسَهُ ثُمَّ يَسْتَغْفِرِ اللَّهَ يَجِدِ اللَّهَ غَفُورًا رَحِيمًا

    Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади.

    4:110
  11. وَمَنْ يَكْسِبْ إِثْمًا فَإِنَّمَا يَكْسِبُهُ عَلَىٰ نَفْسِهِ ۚ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

    Ким гуноҳ қилса, фақатгина ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Бировнинг гуноҳи учун бошқа биров жавобгар бўлмайди. Ҳар ким ўз қилмиши учун жавобгар бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Ўша билишга биноан гуноҳкорни жазолаши унинг ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилишлигидандир.)

    4:111
  12. وَمَنْ يَكْسِبْ خَطِيئَةً أَوْ إِثْمًا ثُمَّ يَرْمِ بِهِ بَرِيئًا فَقَدِ احْتَمَلَ بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا

    Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибди.

    4:112
  13. وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكَ وَرَحْمَتُهُ لَهَمَّتْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ أَنْ يُضِلُّوكَ وَمَا يُضِلُّونَ إِلَّا أَنْفُسَهُمْ ۖ وَمَا يَضُرُّونَكَ مِنْ شَيْءٍ ۚ وَأَنْزَلَ اللَّهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ ۚ وَكَانَ فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكَ عَظِيمًا

    Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди. (Яъни, Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар. Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Xар қанча уринсалар ҳам Пайғамбарга (с. а. в.) зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ доимо ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати: «Аллоҳ сенга китобни (Қуръонни) ва ҳикматни (суннатни) туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва (шу билан) сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди».)

    4:113
  14. لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ ۚ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا

    Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз.

    4:114
  15. وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَىٰ وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّىٰ وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ ۖ وَسَاءَتْ مَصِيرًا

    Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой! (Бу ояти каримада Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошларидан Башир ибн Убайраққа ишора қилинмоқда. У Бани Убайрақни фош қилувчи оятлар нозил бўлганидан сўнг муртад бўлиб (диндан чиқиб), мушрикларга қўшилиб кетган эди. Гарчи ишора маълум бир шахсга бўлса ҳам, ҳукм умумийдир. Ким Пайғамбарга (с. а. в.) хилоф қилса, у кишининг йўлидан бошқа йўлга юрса, кофир, мушрик ва муртад бўлади. Ким мўминларнинг йўлидан бошқа йўлни танласа, ўша йўлидан юраверсин, Аллоҳ уни кетган томонига юргазиб қўяверади. Аммо охири олиб бориб жаҳаннамга киритади. Жаҳаннам қандай жойлигини эса, ҳамма билади.)

    4:115
  16. إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا

    Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, қаттиқ адашган бўлади.

    4:116
  17. إِنْ يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ إِلَّا إِنَاثًا وَإِنْ يَدْعُونَ إِلَّا شَيْطَانًا مَرِيدًا

    Улар ундан бошқа фақат аёл-санамларга ибодат қиладилар ва фақат бебош шайтонга ибодат қиладилар. (Яъни, араб мушриклари Аллоҳдан бошқа, фақат аёл-санамларга ибодат қиладилар. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодлари бўйича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари ҳисобланар эди. Улар шунинг учун ҳам бутларини аёл киши шаклида ясашар ва уларга аёлларнинг исмини беришар эди.)

    4:117
  18. لَعَنَهُ اللَّهُ ۘ وَقَالَ لَأَتَّخِذَنَّ مِنْ عِبَادِكَ نَصِيبًا مَفْرُوضًا

    Аллоҳ уни лаънатлади. У эса: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан.

    4:118
  19. وَلَأُضِلَّنَّهُمْ وَلَأُمَنِّيَنَّهُمْ وَلَآمُرَنَّهُمْ فَلَيُبَتِّكُنَّ آذَانَ الْأَنْعَامِ وَلَآمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ ۚ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا

    Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир. (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан–сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан–умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди.)

    4:119
  20. يَعِدُهُمْ وَيُمَنِّيهِمْ ۖ وَمَا يَعِدُهُمُ الشَّيْطَانُ إِلَّا غُرُورًا

    У уларга ваъда берадир ва хом хаёлларга соладир. Шайтон уларга ғурурдан бошқа нарсани ваъда қилмайдир.

    4:120

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf